Инсофсизлик билан эгалланган доменни қандай олиб қўйиш мумкин: ҳуқуқшунос маслаҳати

06.04.2021

Киберсквоттинг нима?

Тасаввур қилинг, сиз хусусий шифохона муассиси сифатида махсус веб-сайт яратмоқчисиз. Масалан, www.doctor.uz. Ёки “uz” домен зонасида ўз сайтига эга бўлмаган машхур бренднинг Ўзбекистондаги вакилисиз. Мисол учун, “Puma”.

Тегишли номларни браузерга киритиб, бундай сайтлар мавжуд эмаслигига амин бўласиз. Лекин хурсандчилигингиз узоққа чўзилмайди. Аниқланишича, сизга зарур бўлган домен (сайтнинг манзили) кўп йиллар аввал ўзга бир шахснинг номига расмийлаштирилган, бироқ бугунга қадар сайт яратилмаган. Энг қизиғи, ушбу шахснинг номида яна ўнлаб ва юзлаб бошқа доменлар мавжуд.

Табриклаймиз, сиз “киберсквоттинг” деб номланган ҳодиса билан тўқнашдингиз. Киберсквоттинг деганда фойда ёки бошқа манфаатларга эга бўлиш мақсадида учинчи шахсларнинг ҳуқуқларини бузиш орқали домен номларини рўйхатдан ўтказиш тушунилади. Бунга ўхшаган бошқа бир тушунча “домен греббинг” ҳисобланади. Бу кўплаб доменларни атайин расмийлаштириб олиб, бир неча баробар қиммат нархга сотиш ёки рақобатчиларга тўсқинлиқ қилишдир.

Киберсквоттинг ва домен греббинг асосан қуйидагича амалга оширилади: бозорни таҳлил қилиш, муайян номларнинг келажакдаги қийматини олдиндан аниқлаш, ушбу номларни ўзига расмийлаштириб олиш, кейин эса уларга қизиқиш билдирган ёки уларни сотиб олишга мажбур шахсларга қимматга пуллаш.

Бўш ётган домен номларини аниқлаш жуда осон. Браузерга у ёки бу номни киритсангиз, “Сайтга кириш имконияти мавжуд эмас”, “Сайт яратилмоқда” ёки “Мазкур сайт сотилади” деган хабарлар пайдо бўлади. Агар шундай ёзувлардан бири чиқса, билингки домен катта эҳтимол билан нияти қора инсоннинг қўлига ўтиб кетган.

Агар сиз “doctor.uz” доменининг эгаси билан боғланиб, ушбу фойдаланилмаётган доменни сизга ўтказиб беришни сўрасангиз, бу доменни сизга 5-10 минг АҚШ долларига ўтказишга уринишади. Ваҳоланки, ҳар қайси домен номини расмийлаштириш ва бир йил давомида сақлаш атиги 15-20 минг сўмлик ҳаражатни талаб қилади. Шундай йўллар билан доменлар қора бозорида “тадбиркорлар” ўн минглаб ва юз минглаб долларлик даромад кўради. Бу соҳадаги битимлар асосан нақд пулга амалга оширилишини ҳисобга олсак, ҳақиқий суммаларни аниқлашнинг имконияти йўқ.

Қандай ҳолатларда доменни олиб қўйиш мумкин?

Ўзбекистон қонунчилиги ва ваколатли давлат идоралари доменларнинг ўзлаштирилиши ва бу орқали асоссиз даромад олинишига доимо қарши бўлган.

“UZ” доменидаги домен номларини рўйхатдан ўтказиш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида низом (23.06.2008 й., 1830-сон) билан домен номларидан киберсквоттинг ва домен греббинг мақсадида фойдаланиш тақиқланган.

Шунингдек, муайян учинчи шахснинг потенциал манфаатларини ҳисобга олган ҳолда унга кейинчалик сотиш ниятида домен номини олишга рухсат берилмайди. Бунга мисол қилиб 2020 йилда “Humo Air” авиакомпанияси яратилиши эълон қилинган кунда “humoair.uz” домен номи номаълум шахслар томонидан расмийлаштириб олинганлигини келтириш мумкин.

Ниҳоят, бошқа шахсларнинг мутлақ ҳуқуқларини (товар белгисига, фирма номига ва ҳ.к.га нисбатан) бузган ҳолда домен номларини олиш ҳам тақиқланган.

Санаб ўтилган барча ҳолатларда, агар тўғри йўналиш танланса, қонуний равишда домен номини бўшатиш ва унинг рўйхатдан ўтказилишини бекор қилиш мумкин.

Доменни олиб қўйиш тартиби қандай?

Умумий жиҳатдан гапирсак, доменни олиб қўйиш учун инсофсиз эгалловчининг шахсини аниқлаш зарур. Кейин эса унга нисбатан судга даъво аризасини киритиш талаб этилади. Муаммонинг бошқа ечими ҳозирча назарда тутилмаган.

Агар аниқ қилиб гапирадиган бўлсак, домен номини бўшатиш ва унинг рўйхатдан ўтказилишини бекор қилиш учун қуйидаги қадамларни босиб ўтиш шарт:

– “UZ” домени маъмурияти сайти (cctld.uz) орқали домен номини расмийлаштирган жисмоний ёки юридик шахснинг маълумотларини аниқлаш керак. Агар ушбу маълумотлар ёпиқ бўлса, улар адвокатлик сўрови орқали “UZ” домени маъмуриятидан талаб қилиб олинади;

– даъво аризаси билан иқтисодий судга (агар тарафлар юридик шахслар бўлса) ёки фуқаролик судига (агар тарафларнинг ҳеч бўлмаса биттаси жисмоний шахс бўлса) мурожаат қилинади;

– суд қарорига асосан бўшатилган домен номи янги эгасига расмийлаштирилади ва унда мақсадли фойдаланилади.

Домен низоларини кўриб чиқишда судлар асосан доменнинг жорий эгасининг ғаразли манфаатлари ва ниятларига ҳамда, аксинча, домен номига даъвогарлик қилаётган шахснинг тўғри ва ҳалол мақсадларига эътибор қаратади. Буни эса рўйхатдан ўтган савдо белгиси, фирма номи ва бошқалар мавжудлиги билан исботлаш мумкин.

Шунинг учун, агар сиз профессионал домен савдогарининг қўлидаги домен номи асосида веб-сайт яратмоқчи бўлсангиз, умидингиз сўнмасин. Киберсквоттинг ва домен греббингга дуч келган ҳар қайси шахс ўзининг қонуний манфаатларини бемалол ҳимоя қила олиши мумкин. Аммо буни тажрибали ҳуқуқшунослар билан биргаликда амалга оширсангиз, муваффақият эҳтимоли кескин ортади.

Бассина Мария Александровна,
"ESTE" адвокатлик фирмасининг
интеллектуал ҳуқуқ бўйича мутахассиси

← Орқага