Аукциондан кейинги муаммолар ва уларни ечиш йўллари

31.03.2020

Кўпчилик онлайн аукцион ҳақда албатта эшитган, аммо моҳиятига ҳаммаям етавермайди. Унинг атрофидаги муаммоларни осон ва тез қилиш имкони борми? Мақолада шу ҳақда изоҳ беришга ҳаракат қиламиз. Суд қарорига кўра сотилиши керак бўлган мулк электрон онлайн-аукцион орқали сотувга қўйилади. Бунинг учун юртимизда “E-IJRO AUKSION” номли ягона савдо майдончаси яратилган. Бу электрон тизим орқали манфаатдор шахслар кўчмас мулк, автомашина ва бошқа нарсаларни адолатли ва шаффоф савдода ҳарид қилиш имконига эга бўлади.

Умумий қоидага кўра, агар кимдир суд қарорига асосан савдога қўйилган мулкни сотиб олса, у инсофли эгалловчи ҳисобланади. Бундай мулкни эгасидан олиб қўйиш мумкин эмас.

Лекин афсуски, амалиётда суд қарорларини ижро этиш мақсадида сотилган мол-мулк устида кўплаб низолар юзага келмоқда. Сўнгги пайтларда “ESTE” адвокатлик фирмаси бир нечта аукцион ғолибларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишига тўғри келди. Қуйида биз мавзу бўйича энг мураккаб ва қизиқарли ишлар ҳақдаги маълумотлар билан ўртоқлашамиз. Адвокатлик сирини сақлаш мақсадида номлар ва исмлар ўзгартирилган.

Ҳукм бекор бўлсада, мулк қайтариш талаби

“Алиф” МЧЖ бизга кўчмас мулк объекти бўйича фуқаролик ишида унинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишини сўраб мурожаат қилди.

Маълум бўлишича, “Старт” хусусий корхонасига тегишли бўлган объект 2016 йилда суд ҳукмига асосан мусодара қилиниб, очик аукцион савдоларида фуқаро С.Ахмедовга сотиб юборилган экан (электрон онлайн-аукционлар 2018 йилдан бошлаб ўтказилмоқда). 2018 йилда С.Ахмедов кўчмас мулкни “Алиф” МЧЖга сотган. Бироқ, 2019 йилда ҳукмнинг мулкни мусодара қилиш қисми бекор қилиниб, манфаатдор шахсларга мулкни қайтариш талаби билан фуқаролик тартибида мурожаат қилиш ҳуқуқи мавжудлиги тушунтирилган.

Шунга кўра, “Старт” хусусий корхонаси Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ҳамда инсофли эгалловчилар С.Ахмедов ва “Алиф” МЧЖга нисбатан даъво иши қўзғатади.

Биринчи босқичда фуқаролик суди хусусий корхонанинг талабини қаноатлантириб, кимошди савдоси баённомаси ва кейинчалик тузилган кўчмас мулк олди-сотди шартномасини ҳақиқий эмас деб топади. Суднинг фикрига кўра, объектни сотувга қўйишдан олдин унинг қисми ҳисобланган ва кадастр ҳужжатларида акс эттирилган битта иншоот баҳоланмасдан қолиб кетган экан.

Биз дарҳол ишга киришиб, юқори суд органи томонидан қуйи суд ҳукмини қайта кўриш шикоятини бердик. Унда кимошди савдоси ўтказилиши вақтига келиб “баҳоси чиқарилмаган” иншоотнинг аслида мавжуд бўлмаганлигини билдирдик. Бу иншоот кўп йил аввал табиий эскириш оқибатида ўз-ўзидан бузилиб кетганлигини ҳужжатлар асосида исботлаб бердик.

Шунга қарамасдан, дастлабки қарор ўз кучида қолдирилди. Юқори турувчи суд фикрича, кимошди савдосини ўтказиш жараёнида тартиб-таомиллар бузилган экан. Таъкидланишича, кимошди савдосининг ташкилотчиси асоссиз равишда биринчи маротаба аукционни ўтказилмаган деб ҳисоблаган ҳамда биринчи ва такрорий аукционларнинг ўтказилиши ҳақида оммавий ахборот воситаларида эълон жойлаштирмаган экан.

Бу хулосадан қониқмай, назорат тартибида шикоят келтирдик. Биз шикоятимизда биринчи кимошди савдоси автоматик равишда, яъни унда иштирокчиларнинг белгиланган сони қатнашмаганлиги сабабли ўтказилмаганлигини тасдиқлаб бердик. Архивлардан эса кимошди савдолари ўтказилиши ҳақидаги эълонлар жойлаштирилган “Халқ сўзи” газетасининг нусхаларини топиб, уларни судга тақдим этдик.

Ниҳоят, назорат босқичида қуйи судларнинг қарорлари бекор қилиниб, ишни янгитдан кўришга имкон туғилди. Охир оқибат “Алиф” МЧЖ инсофли эгалловчи деб тан олинди ва ўз мулкини сақлаб қолди.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, “Алиф” МЧЖ ҳам мулкидан, ҳам тўлаган пулидан айрилиши эҳтимоли жуда юқори эди. Сабаби С.Ахмедовга анча олдин тўланган пул бугунги кунга келиб бизнинг мижозимизга қайтарилмаслиги аниқ эди. Мулк олиб қўйилиши оқибатида бой бериладиган фойда ва бошқа муаммолар ҳақида эса гапирмаса ҳам бўлади.

Пайтдан фойдаланиб, даъвогарнинг позициясига ҳам ҳуқуқий баҳо бериб ўтиш зарур. “Старт” ХК мусодара қилинган мулкни қайтарилишини сўрашга ҳаққи бўлган. Аммо қонунга кўра даъвогар бундай талабни фақатгина суд қарорига кўра сотиб улгурилмаган мулкка нисбатан бериши мумкин эди. Агар мусодара қилинган мулк сотилган бўлса, манфаатдор шахс унинг қийматини давлат ҳисобидан қопланишини сўраши мумкин.

Икки марта гаровга қўйилган мулк

Яна бир баҳсли ҳолат. “Евросиё-бизнес” МЧЖ “Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш маркази” ДУК ва фуқаро Р.Солиевга нисбатан даъво иши қўзғади. Даъвогар электрон онлайн-аукцион натижаларини бекор қилиб, иқтисодий суд қарори асосида сотилган кўчмас мулкни ўзига қайтаришни сўради.

Бу ишнинг тарихига назар ташласак, 2019 йилда “Евросиё-бизнес” МЧЖга тегишли бўлган йирик кўчмас мулк объекти суд қарорига кўра банк кредити бўйича қарздорликни қоплаш мақсадида сотувга қўйилган эди. Кўчмас мулкни эса бизнинг ишонч билдирувчимиз Р.Солиев сотиб олган.

Кимошди савдолари якунланиши билан “Евросиё-бизнес” МЧЖ судга мурожаат қилиб, кўчмас мулк хато равишда сотиб юборилганини маълум қилади. Унинг гапига қараганда, сотилган мулк икки марта гаровга қўйилган бўлган ва навбатдаги гаров бўйича юзага келган мажбуриятлар суд қарори чиқарилишида ҳисобга олинмаган.

Суд мажлисида асосий вазифамиз Р.Солиев виждонан ҳаракат қилганлигини исботлаб бериш эди. Ҳақиқатдан ҳам у навбатдаги гаров ҳақида ҳеч нарса билмаган ва бундай ҳолат юзага чиқиши хаёлига ҳам келмаган. Мижозимиз аукцион регламентига сўзсиз риоя қилган ва мулкнинг тўлиқ қийматини тўлаб берган.

Шу сабабли, биз судга қарши даъво ариза билан мурожаат қилдик. Аризада Р.Солиевни инсофли эгалловчи деб тан олинишини ва “Евросиё-бизнес” МЧЖ зиммасига объектни бўшатиш мажбуриятини юклашни сўрадик.

Шуниси эътиборга лойиқки, суд мажлисларида “Евросиё-бизнес” МЧЖнинг ўзи виждонийликка зид равишда навбатдаги гаров ҳақидаги маълумотни иқтисодий суддан ва бошқа манфаатдор шахслардан яшириб келган экан.

Иш бўйича барча ҳолатларни ўрганиб чиқиб, суд бизнинг ишонч билдирувчимизни инсофли эгалловчи деб топди ва “Евросиё-бизнес” МЧЖ зиммасига объектни бўшатиш мажбуриятини юклади. Суднинг хулосасига қараганда, навбатдаги гаров бўйича гаровга берувчининг манфаатлари бузилмаган, чунки сотилган мол-мулкдан тушган маблағ унинг олдида юзага келган қарздорликни бемалол қоплайди. Даъвогар апелляция ва назорат тартибида шикоят қилган бўлсада, биринчи босқичдаги суднинг ҳал қилувчи қарори ўз кучида қолди.

Шундай қилиб, оппонентимизнинг кимошди савдоси натижаларини бекор қилиш орқали ҳам кредит маблағларидан фойдаланиб олиш, ҳам кўчмас мулкни қайтариш режаси барбод бўлди.

Янги мулкдор ва эски ижарачилар

Қуйидаги вазият эса электрон онлайн-аукцион орқали бино ва иншоотларни харид қилиб, уларга эгалик қила олмаган фуқаро В.Алиев билан боғлиқ кечди.

Бу ҳолатда ҳам аввалги мулкдор кимошди савдолари натижаларини суд орқали бекор қилмоқчи бўлган. Лекин аукцион қонуний деб тан олинган ва даъвогар асоссиз эгаллаб келган кўчмас мулкдан чиқиб кетиши зарурлиги кўрсатилган.

Бироқ, В.Алиевнинг муаммолари шу билан тугамаган эди. У яна бир жиддий тўсиққа дуч келади. Маълум бўлишича, бино-иншоотларнинг эски хўжайини ўз вақтида айёрлик қилиб, ўзининг қариндошига қарашли фирма билан ижара шартномаси тузиб қўйган экан. Шартнома шартларига кўра, “Уч юлдуз” МЧЖга арзимаган пул эвазига кўчмас мулкни 20 йил давомида ишлатиш ҳуқуқи берилган. Ижара шартномасини бузган тарафдан эса катта миқдорда жарима ундирилиши кўрсатилган.

Шунда В.Алиев бизга мурожаат қилишга қарор қилади. Ижара шартномаси билан боғлиқ барча маълумотларни тўплаганда шуни гувоҳи бўлдикки, битим номигагина, кўчмас мулкни сақлаб қолиш мақсадида тузилган бўлган. Қонун талабларига зид равишда шартнома давлат рўйхатидан ўтмаган, ижара муносабатлари эса “Уч юлдуз” МЧЖнинг солиқ ҳисоботларида акс этмаган экан.

Даъво аризамизни кўриб чиққан суд уни қаноатлантирди. Ҳал қилув қарорига мувофиқ ижара шартмомаси қалбаки битим деб тан олинди ва “Уч юлдуз” МЧЖга бино-иншоотлардан чиқиб кетиш кўрсатилди. Шундай қилиб, имкон қадар қисқа муддатларда мулкни янги мулкдорга топширилишини таъминлай олдик.

Хулоса ва таклифлар

Юқорида келтириб ўтилган бир нечта ўхшаш ҳолатларни умумлаштириб, керакли хулосалар қилиш, шунингдек бир неча таклиф ва тавсияларни билдириб ўтсак.

Биринчидан, аввалги мулкдорлар ўз мулкини имкон қадар сақлаб қолишга уринади ва қўлидан келган барча ҳаракатларни амалга ошириб кўради. Ахир, йўқолган пичоқнинг сопи олтин, деб бекорга айтишмайди. Шу сабабли, янги мулкдор ўз ҳуқуқини суд орқали ҳимоя қилишга тайёр туриши керак.

Иккинчидан, онлайн-аукционларнинг иштирокчилари давомий ва сарф-ҳаражатли даъволашувлардан қутулиши мумкин. Бунинг учун қизиқиш уйғотаёттан лотга доир ҳуқуқий ва молиявий ахборотни олдиндан ўрганиб чиқиш талаб этилади. Бу вазифани малакали ҳуқуқшунослар ва иқтисодчиларга топшириш қўл келади. Улар зарур маълумотни тўплайди, таҳлил қилади ва керакли тавсияларни беради.

Учинчидан эса электрон онлайн-аукционлар орқали харид қилинаётган мол-мулк билан боғлиқ кўплаб низо ва тортишувлар бу соҳани янада такомиллаштириш зарурати мавжудлигини тасдиқламоқда. Кимошди савдоларининг ташкилотчиси ҳисобланган “Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш маркази” ДУКнинг мавқеини ҳам мустаҳкамлаш ўринли бўларди. Балки, бу ташкилотга мулкни харид қилган шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича кўпроқ ваколат бериш лозимдир.

Умуман олганда, олдинда ечилиши керак бўлган асосий вазифа турибди. Бу вазифа электрон онлайн-аукционларнинг ғолиблари билан бир қаторда сотилаётган мол-мулкка нисбатан манфаатларга эга барча шахсларнинг тенг ҳимоя қилинишини таъминловчи самарали ҳуқуқий ва ташкилий механизмни яратишдан иборатдир. Бунинг натижасида давлатимиз бюджетининг даромад қисми ҳам кўпайиб боради, шунингдек судлар ва бошқа идораларнинг қарорлари сўзсиз ижро этилади.

Катта эҳтимол билан коронавирус пандемияси сабабли айрим мулкдорлар яқин орада муайян иқтисодий тангликка юз тутади. Бунинг натижасида онлайн-аукцион орқали сотиладиган мулк ҳажми янада ортади. Узоқ истиқболда эса кимошди савдоларининг барчаси бўлмаса, аксарияти электрон тизимлар орқали жонли равишда ташкил этилиши шубҳасиз. Буларни инобатга олган ҳолда электрон онлайн-аукционларни ўтказиш тизимининг такомиллашуви бугунги кун талабидир, десак муболаға бўлмайди.

← Орқага