Автомобилга дарахт қуласа қандай йўл тутиш зарур?

28.04.2020

Баҳорги Ўзбекистон учун момақалдироқ ва кучли шамол – бу одатий ҳолат. Бундай пайтларда дарахтлар йиқилиб, баъзи машиналарга зарар етказади.

Кўпинча Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Ўзгидромет шамол ва кучли ёмғир ҳақида бизни олдиндан огоҳлантиради. Бу ишларга ҳокимликлар ва ички ишлар органлари ҳам қўшила бошлади. Масалан, 27 апрель куни яқинлашаётган бўрон ҳақида аҳоли тезкор огоҳлантирилди. Aгар огоҳлантиришдан сўнг автомобилга дарахт йиқилиб, уловга зарар тегса, одатда компенсация талаб қилиш мумкин эмас.

Aммо тўфон ҳақида огоҳлантириш берилмаганда машина дарахт “қурбони” бўлсачи? Ёки сокин об-ҳаво шароитида автоулов устига эски дарахт ёки чириган новда тушса? Бундай ҳолларда компенсацияни ундириш мумкин. Фақат бунинг учун қуйидаги ҳаракатларни амалга ошириш керак. 

  1. Дарахтга ёки шохларга тегманг. 
  1. Профилактика инспекторини чақиринг. Йўл ҳаракати хавфсизлиги давлат хизматининг бунга алоқаси йўқ, чунки бу йўл-транспорт ҳодисаси эмас.
  1. Ер участкаси ва қулаган дарахтга қараш учун масъул бўлган ташкилотнинг вакилларини таклиф қилинг (хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкати, бошқарувчи компания, автотранспортни сақлаш хизматларини кўрсатувчи ташкилот, ободонлаштириш бошқармаси ва ҳ.к.). 
  1. Ҳодиса жойи ва шикастларни фото ва видеога ёзиб олинг. Гувоҳларни топинг ва уларнинг алоқа маълумотларини сақлаб қўйинг. 
  1. Профилактика инспекторидан заранинг сабаби ва хусусиятларини батафсил акс эттиришни талаб қилинг. 
  1. Зарар баҳоланиши учун махсус ташкилотга мурожаат қилинг. 
  1. Ўзгидрометдан тўфон ҳақида огоҳлантирув бўлмаганлиги тўғрисида маълумотнома олинг. 
  1. Агар КАСКО (транспортга етказилиши мумкин бўлган зарарнинг ёки уни ўғрилаш эҳтимолининг ихтиёрий суғуртаси) қилинган бўлса, суғурта компаниясига мурожаат қилинг. Бундай зарар ОСАГО бўйича қопланмайди. 
  1. КАСКО бўлмаса, зарарни қоплаб беришни сўраб қулаган дарахтга масъул бўлган ташкилотга (ХУЖМШ, бошқарувчи компания, транспорт сақловчи ташкилот, ҳокимлик ва ҳ.к.) мурожаат қилинг. 
  1. Рад жавобини олсангиз, даъво ариза билан судга мурожаат қилинг ва зарарни масъул ташкилотдан ундиришни сўранг. Лекин қўйиш мумкин бўлмаган жойга автоуловни ташлаб кетган бўлсангиз, зарарни ундириш деярли имконсиз. 

Умуман олганда қийин вазиятга тушмасликни хоҳласангиз, ихтиёрий суғуртага пулни аяманг ва машинангизни махсус жойларга қўйинг.

← Орқага