Дарахтларни ноқонуний кесиш: нима қилиш керак ва қандай жавобгарлик бор? I қисм

12.05.2020

ДАРАХТЛАР ЎЗИ КЕРАКМИ?

Дарахтлар инсоният тўлақонли яшаши учун ҳаётий аҳамиятга эгалиги сир эмас, албатта.  Яшил олам шаҳар ҳавосини 2-8 даражага салқинроқ қилади.  Битта дарахт йилига 15 минг литргача сувни тупроқда сақлайди. Дарахтларнинг атроф муҳитга бераётган фойдаси туфайли мегаполислар ҳар йили 150 миллион долларга яқин маблағни тежайди.

Афсуски, Ўзбекистонда дарахтлар масаласи доимий равишда кўтарилиб келинса ҳам, муҳокамалар мавзуси кўпинча ноқонуний дарахт кесиш ҳақида бўлиб қолавермоқда. Кўпчилик рухсатномасиз кесилган дарахтлар ўтин ёқиш ёки мебел ишлаб чиқаришда ишлатилади, деб ҳисоблайди.

Жаҳон банки маълумотларига кўра Ўзбекистон ҳудудининг фақатгина 7,5 фоизи табиий ўрмонлар билан қопланган экан. Дунё мамлакатларида эса бу кўрсаткич ўртача олганда 30 фоизни ташкил этаркан. Тегишли рейтинг билан бу ерда танишса бўлади. 

Масаланинг жиддийлиги сабабли оҳирги пайтларда масъул идоралар томонидан бир қатор қатъий чоралар кўрилмоқда. Дарахтларни сақлаб қолишга фуқароларни ҳам жалб қилиш рағбатлантирилмоқда.

Шундай экан, кўз олдингизда дарахт кесилса ва бу ноқонуний равишда қилинмоқда деган шубҳалар бўлса нима қилиш керак? Дарахтларни йўқ қилиш учун жавобгарлик чоралари қандай? Қуйида биз ушбу саволларга жавоб топишга ҳаракат қиламиз.

ДАРАХТ КЕСИШГА МОРАТОРИЙ

Аввало шуни таъкидлаш керакки, Ўзбекистонда 2021 йил 1 январгача ўрмон фонди таркибига кирмайдиган қимматбаҳо дарахт ва буталарни кесишга мораторий амал қилмоқда.

Қимматбаҳо дарахт ва буталар қаторига 78 турдаги ўсимликлар киритилган. Шу жумладан чинор, тол, эман ва сарв қимматбаҳо дарахтлар ҳисобланади (Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 18 февралдаги 93-сон қарорига илова).

ҚАЧОН ДАРАХТ КЕСИШГА РУХСАТ БЕРИЛАДИ?

Обьектив сабабларга кўра, дарахтларни кесишга мутлақо тақиқ қўйиш мумкин эмас.

Шу сабабли, қуриган ёки одамлар ва уларнинг мулки хавфсизлигига таҳдид соладиган дарахтлар ва буталарга нисбатан мораторий қўлланилмайди. Уларни кесиш учун ҳокимликнинг қарори ва Давлат экология қўмитаси идораларининг розилиги талаб этилади. Бугунги кунда кесиш ишларини фақат ободонлаштириш бўлимлари амалга ошириши мумкин.

Бино ва коммуникацияларни қуриш ва реконструкция қилиш учун ҳам дарахтларни кесиш мумкин. Бунинг учун ҳокимликнинг Давлат экология қўмитаси билан келишилган қарори бўлиши керак. Иложи бўлса, дарахтлар ва буталарни қайта тиклаш керак. Йўқотилган қисми эса 1 та дарахтга 10 та кўчат нисбатида қопланади.

БОШҚА РУХСАТ ЭТИЛГАН КЕСИШЛАР

Дарахтларнинг ён новдаларини кесиш учун рухсат талаб этилмайди.

Бундан ташқари, қуйидаги дарахтларни кесиш мумкин:

– ёғоч ва мева етиштириш учун экилган (масалан, терак ва бошқа тез ўсадиган турлар, тутзорлар, мевали дарахтлар);

– плантациялардаги ёки юридик ва жисмоний шахсларнинг мулки бўлган.

НОҚОНУНИЙ КЕСИШ

Бошқа барча ҳолатларда дарахтларни кесиш ноқонуний ҳисобланади.

Рухсат этилмаган кесишни қуйидаги белгилар ёрдамида аниқлаш мумкин:

– иш шошилинч равишда, огоҳлантиришсиз ва тайёргарликсиз амалга оширилади;

– кесувчилар расмий ҳужжатларни тақдим этишдан бош тортади;

– ишчиларда махсус кийим ва жиҳозлар бўлмайди.

(Фото Anonymous News)

← Орқага