Дарахтларни ноқонуний кесиш: нима қилиш керак ва қандай жавобгарлик бор? II қисм

19.05.2020

ДАРАХТ КЕСИЛИШИНИНГ НОҚОНУНИЙЛИГИ ТЎҒРИСИДА ШУБҲА БЎЛГАНДА ҚАЕРГА МУРОЖААТ ҚИЛИШ КЕРАК?

Профилактика инспекторига хабар бериш ёки 102 рақамига қўнғироқ қилиш керак. Ички ишлар органларининг ходимлари ҳолатни қайд этиб, маълумотни Давлат экология қўмитаси идораларига юбориши лозим.

Бошқа вариант – тўғридан-тўғри Экология қўмитасининг ишонч телефонлари билан боғланиш – (71) 236-26-66 ёки (71) 207-11-07. Экология қўмитасининг тўлиқ контактлари uznature.uz веб-сайтида мавжуд (https://bit.ly/3csB4uY). Шунингдек, уларнинг телефон рақамларини маълумот хизматларига телефон қилиб топиш мумкин.

Бундан ташқари, қонунбузарлик ҳақида Экология қўмитаси Тошкент шаҳар бўлимининг “EcoControl” махсус телеграм-боти орқали хабар беришин мумкин. Унинг асосий менюсида "Шикоят тўғрисида хабар бериш" бўлими мавжуд. Бунда ҳодиса жойини ва ишлатилаётган транспорт воситаларининг давлат рақамларини кўрсатиш ҳамда фотосуратларни илова қилиш даркор.

Ушбу сигналдан сўнг воқеа жойига Экология қўмитасининг мутахассислари келиши керак. Улар кесишнинг қонунийлигини аниқлаш, ҳуқуқбузарликка чек қўйиш ва айбдорларни жавобгарликка тортиш чораларини кўришга мажбур.

ҲЕЧ КИМ ЖАВОБ БЕРМАСА НИМА ҚИЛИШ КЕРАК?

Бундай вазият камдан-кам ҳолатларда, масалан кеч бўлиб қолганда, телефонлар узоқ банд бўлса, ходимлар иш жойида эмаслигида ва бошқа сабаблар туфайли кузатилиши мумкин. Бундай ҳолатда, энг яхшиси:

– Ички ишлар вазирлиги ёки Бош прокуратуранинг тезкор навбатчиларига қўнғироқ қилинг. Улар дарахтларни кесиш ҳолати бўйича шошилинч равишда чора кўришга масъул шахсларни йўналтирадилар;

– мурожаатни ижтимоий тармоқларга жойлаштиринг. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 15 августдаги ПФ-5511-сонли қарори ижтимоий тармоқларда ноқонуний кесиш билан боғлиқ мурожаатлар ва шикоятларга зудлик билан жавоб беришни талаб қилади;

– экология муаммоларини ёритувчи маҳаллий оммавий ахборот воситалари ва веб-сайтларни, шу жумладан Экология қўмитаси сайти ва унинг “Facebook” саҳифасини хабардор қилинг.

КЕСИШ УЧУН ҚАНДАЙ ЖАВОБГАРЛИК БОР?

Яшил майдонларни йўқ қилиш учун қуйидаги жавобгарлик чоралари белгиланган:

– маъмурий - 4,5 миллион сўмгача жарима;

– жиноий - катта зарар етказилган тақдирда 22 миллион сўмгача жарима ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш.

Бундан ташқари, ҳар қандай ҳолатда ҳам кесилган дарахтлар ва асбоб-ускуналар мусодара қилинади. Шунингдек, айбдорлар табиатга ва атроф-муҳитга етказилган зарарни қоплаши шарт. Товон миқдори жуда жиддий бўлиши ва баъзи ҳолларда миллиардлаб сўмни ташкил этиши мумкин.

ЧЕТ ЭЛ АМАЛИЁТИДАН МИСОЛЛАР

АҚШда ҳар бир шаҳар ва ҳудудда дарахтларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги низом қабул қилинган. Унда маҳаллий дарахтларни парвариш қилиш ва кесиш қоидалари мустаҳкамланган. Ушбу мамлакатда арбористлар (дарахтшунослар), яъни дарахтларни парвариш қилиш ва кесиш бўйича сертификатга эга мутахассисларнинг хизматлари йўлга қўйилган.

Буюк Британияда ноқонуний равишда дарахт кесган шахс нафақат товон сифатида кўчатларни экади, балки уларга 10 йил давомида қарашга мажбур бўлади. Ноқонуний кесилган дарахтни сотиш устида қўлга тушган шахслар жуда катта жарима тўлайди ёки қамоқ жазосига маҳкум этилади.

Германияда дарахтни кесиш узоқ бюрократик жараён ҳисобланади. Ўрнатилган тартибга риоя қилмаган ҳолда дарахт кесган шахсга 50 минг еврогача жарима солиниши мумкин. Март ойидан октябрь ойигача дарахтларни кесиш умуман тақиқланади. Шу тариқа қонун чиқарувчи қушларни ва уларнинг уяларини ҳимоя қилади.

Франция пойтахти Парижда яшил майдонлар шаҳарнинг атиги 9,5 фоизини ташкил этади. Бу Европанинг йирик шаҳарлари орасида энг ёмон кўрсаткич. Мамлакатнинг бошқа шаҳарларида вазият бундан яхши эмас. Натижада, 2019 йилнинг ёзида 1,5 минг французлар иссиқлик туфайли вафот этди. Ҳозирча эса, француз жамоатчилиги ўз шаҳарларини тубдан кўкаламзорлаштириш устида бош қотирмоқда. Ёрқин мисоллардан бири сифатида Vincent Callebaut исмли атроф-муҳит меъморининг “2050-Парижнинг тасвири” деб номланган футуристик лойиҳасини келтириш мумкин (расмда кўрсатилган).

***

Мамлакатимиз Конституцияси фуқаролар табиий муҳитга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишларини талаб этади. Шу сабабли, яшил майдонларнинг йўқ қилинишига жавоб беришимиз – бу маълум маънода конституциявий мажбуриятимиздир.

Фарзандларимиз ва набираларимизга тоза атроф муҳит қолдира оламизми? Бу албатта, ўзимизга боғлиқ.

← Орқага