Ноҳақ бўшатилган ходимнинг ишга тикланиши ниҳоятда қийин кечди

05.12.2020

БУНДАЙЛАР ҲУҚУҚИ ТАЪМИНЛАНИШИ УЧУН НИМА ҚИЛМОҚ КЕРАК?

КОВИД-19 билан боғлиқ пандемия шароити кўпчиликка қийинчилик туғдираётганидан асло кўз юмиб бўлмайди. Бошқа давлатлардан фарқли ўлароқ, республикамиз иқтисодиётида кучли таназзул кузатилмагани билан кўпгина соҳаларда оқсоқлик сезиляпти. Табиийки, бундай шароитда одамларда даромад манбаи камаяди, оиланинг моддий таъминоти қийинлашади. Энди тасаввур қилинг, шундай ҳолатда ходим ишдан ноҳақ бўшатилди. Унда вазият икки баробар ёмонлашадими? Албатта! Мабодо, ходим ўз ҳуқуқини қонуний ҳимоя қилиб, суднинг қарори билан иш жойига тикланса-да, иш берувчи ижрони пайсалга солса - жараён ойлаб чўзилса-чи?

Минг афсуски, биз айни шундай ҳолат билан рўбарў келдик. Aдвокатлик фирмамизга фуқаро ишдан ноҳақ бўшатилганлиги юзасидан мурожаат этди. У эшигимизни қоқишга мажбур бўлганига, албатта, ҳавас қилиб бўлмасди. Ахир умрини севимли касбига бағишлаган ва шу билан ўзини бахтли ҳисоблайдиган одам учун ишсиз, кўчада қолиш…

Дастлабки ўрганишдаёқ амин бўлдикки, фуқаро ҳақиқатан ишдан ноқонуний бўшатилган. Шу сабабли унга қонунлар доирасидан четга чиқмаган ҳолда ҳуқуқий ёрдам кўрсатишга қарор қилдик.

Қувончимиз узоққа чўзилмади...

Биз даъво аризасини тайёрлаб, уни фуқаролик ишлари бўйича судга киритдик. Суднинг шу йил 20 августдаги ҳал қилув қарори билан ходим аввалги ишига тикланди. Ўзимизча адолат қарор топди, энди ҳаммаси ҳал бўлди, дея қувонган эдик. Афсус, ўйлаганимиздай бўлиб чиқмади. Иш берувчининг парвойи палак. Бир ойга яқин вақт ўтди ҳамки, қарор ижросидан дарак бўлмаяпти. Ҳақиқий машаққат энди бошланган экан.

Ходимнинг норозилигидан сўнг, амалдор уни ишга тиклади, бироқ ходим ўз жойида эмас, бошқа вилоятдаги узоқ бир бўлимда ишлайдиган бўлди. Энди бир фуқаро тирикчилик учун яшаш жойидан минг километр узоқликдаги идорада фаолият кўрсатиши ёки касбидан бутунлай воз кечиши керак. Мана сизга адолат!

Албатта, ходим бундай ўзбилармонликдан яъна норозилик билдирди. Қарздор эса анойи эмас экан - бошқача йўлга ўтиб олди. Яъни биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори устидан апелляция тартибида судга шикоят келтирди. Шу сабабли ижро иши тўхтаб турар эмиш. Ваҳоланки, ишга тиклашга доир ишлар дарҳол ижро этиладиган суд ҳужжатлари ҳисобланиб, уларнинг апелляция тартибида кўриб чиқилгунига қадар тўхтатиб турилиши тўғрисидаги норма қонунчилигимизда мавжуд эмас. 26 октябрдаги апелляция инстанция судининг ажрими билан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори кучда қолдирилди. Суд томонидан яна бир бор адолат таъминланди.

Ходим талабини ҳар иккала инстанция ҳам асосли, деб топди, иш берувчида уни ишга тиклашдан бошқа чора қолмади, лекин аҳвол ижобий томонга ўнгланмади. Шунда ишонч билдирувчимиз Республика Мажбурий ижро бюроси раҳбарияти қабулига кириб, оғир аҳволда эканлигини тушунтирди. Мутасаддилар “Ўз иш жойингизга тикланасиз”, деган жавобни беришди.

Шундан сўнг ҳам, қарздор ташкилот раҳбари ён бергиси келмади. Ахири бир неча ижрочилар ва Миллий гвардия ходимларининг аралашуви билан, суд қарори чиққанидан қарийб 3 ой(!) ўтгачгина, ходимни ишга тиклаш тўғрисидаги буйруқ чиқарилишига эришилди. Орада, ҳатто, телевидение ҳамда бошқа оммавий ахборот воситалари орқали айни шу мавзу юзасидан чиқишлар қилинди. Туркум кўрсатув ва мақолалар тайёрланиб, ноҳақлик қораланди, фуқаронинг қонуний талаби ҳимояланди.

Сарсон бўлаётганлар камми?

Бу ҳодисаларга гувоҳ бўла туриб, менда саволлар туғилди: республика бўйича ишдан ноҳақ бўшатилган, лекин ўз ҳуқуқини судда ҳимоя ҳам қилмаган ходимлар қанча экан? Суд орқали муҳофазаланган, лекин ишга тиклаш масаласига келганда мансабдорлар томонидан атайин ўз иш ўрнига қайтарилмай, сарсон қийналганлар-чи? Ишга минг машаққат билан тикланган, лекин ўз иш жойига қайтгандан кейин яна иш берувчи томонидан турли таъқиб ва сиқувларга дуч келаётганлар ҳам  талайгинадир, эҳтимол?

Шуларни инобатга олган ҳолда, ходим ҳуқуқларини мамлакатимизда тўла-тўкис ҳимоя қилиш мақсадида қонунчиликни такомиллаштириш зарур, деб ўйлайман.

Бизнинг таклифлар

Биринчидан, юқорида таъкидланганидек, ишга тиклашга оид ишлар дарҳол ижро этиладиган суд ҳужжатлари қаторига киради. Шу муносабат билан суд ҳужжати чиқарилгандан сўнг ходим ўз ишига амалда дарҳол тикланиши учун апелляция тартибида янги механизм жорий этиш зарур. Бу механизмга кўра, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 387-моддасини дарҳол ижро этилиши шарт бўлган суд ҳужжатлари устидан апелляция шикояти берилаётганда, ушбу суд ҳужжатининг ижро этилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилиши лозим, деган банд билан тўлдириш мақсадга мувофиқ. Ушбу ҳолатда агар бундай ҳужжатлар тақдим этилмаса (масалан, иш берувчининг тегишли буйруғи) апелляция шикоятини ҳаракатсиз қолдириш керак.

Иккинчидан, Ўзбекистон Республикасининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунига ва Мажбурий ижро бюроси тўғрисидаги низомга тегишли қўшимча киритиш орқали давлат ижрочиларига иш берувчи-мансабдор шахс ишга тиклашни қасддан кечиктирган тақдирда, унинг устидан юқори турувчи органга тақдимнома киритиш (шу жумладан, мансабдор шахснинг ўз хизмат вазифасига лойиқ ёки нолойиқ эканлигини текшириш юзасидан) ҳуқуқини бериш керак.

Учинчидан, Меҳнат кодексининг 188-моддасига қўшимча киритиш орқали иш берувчига суднинг ҳал қилув қарори чиққанидан кейин ҳам ходимни ишга тикламаган ҳар бир куни учун мажбурий прогул суммасидан ташқари, маълум миқдорда жарима (пеня ва ҳ.к.) ундириш мажбуриятини юклашни мазмунан кўриб чиқиш керак.

Тўртинчидан, агар ходим иш берувчининг ғайриқонуний буйруғи билан ишдан бўшатилиб, қайта ўз ишига тикланган тақдирда, ушбу ходимни қайта ишдан бўшатиш учун алоҳида механизм жорий этиш зарур. Унга мувофиқ, Меҳнат кодексининг 101-моддасини қуйидагича банд билан тўлдириш лозим:

“Агар ходим иш берувчининг ғайриқонуний буйруғи билан ишдан бўшатилиб, қайта ишга тикланган тақдирда, 3 ой ичида мазкур ходимни қайта ишдан бўшатиш учун иш берувчи касаба уюшмаси қўмитасидан ташқари, меҳнат инспексиясининг ҳам розилигини олиши шарт”.

Ўйлайманки, бу каби таклифлар ходимлар ҳуқуқларини иш берувчилар томонидан бузилишининг олдини олишга, шунингдек, суд ҳужжатларини аниқ ва ўз вақтида ижро этилишини таъминлашга хизмат қилади. Aдвокатлик нуқтаи назаридан келиб чиқиб шуни айта оламанки, инсонлар қачонки ўз ҳуқуқлари амалда тикланганлигини кўрсаларгина, адолатга ишонадилар. Зеро, қонун ўз ижроси билан устувордир.

Зафар Тухташов,
адвокат, “ESTE” адвокатлик фирмаси
бошқарувчи шериги

* Ушбу мақола Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг "Ishonch"- "Доверие" газетасида (03.12.2020 йилдаги 145(4429)-cон) чоп этилган. Газета веб-сайтига ҳавола: https://ishonch.uz/archives/20010

← Орқага