Карантин даврида масофадан туриб ишлаш: тартиби, тежамкорлиги, этикаси ва келажаги

11.04.2020

Коронавирус пандемияси ва уни олдини олишга қаратилган профилактика чоралари меҳнат муносабатларига жиддий таъсир кўрсатмай қолмайди, албатта. Илгари шунчаки ихтиёрий ва тақчил ҳисобланган масофавий иш жараёни эндиликда мажбурий тусга кирди.

Жорий йилнинг 23 март санасидан бошлаб карантин туфайли мамлакатимиздаги корхона ва муассасалардаги ходимларининг меҳнат фаолиятларини иложи борича ишхонадан узоқлашган ҳолда, яъни уйдан туриб ташкиллаштириш вазифаси юклатилди. Бу кўрсатмага кўплаб ташкилотлар зудлик билан амал қилишга киришди.

Шуни айтиб ўтиш зарурки, амалий нуқтаи назардан ҳаммани ҳам масофадан туриб ишлашга ўтказиб бўлмайди. Уйда ўтириб ишлашга бажариладиган меҳнат фаолияти тўсқинлик қилиши мумкин. Бироқ, қуйидаги касб эгалари масофадан туриб фаолият олиб боришга тезда киришдилар: тижорат (алоқа операторлари, қўллаб-қувватлаш ҳизмати, савдо-сотиқ бўйича иш бошқарувчилар), молия, реклама ва маркетинг, ахборот технологиялари, дизайн, таълим ва ОAВ вакиллари.

Шунингдек, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳамда меҳнат фаолиятини уй шароитида ташкиллаштирган корхоналар янги тартибга нисбатан осон ўтдилар. Булар тикувчилик, пойабзал, ҳунармандчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш, электротехника маҳсулотларини йиғиш, овқатланиш нуқталари каби бизнесларни келтириш мумкин. Масалан, бугунги кунда кўплаб тикувчилик цехлари уйда меҳнат қилиш тартибида фаолият олиб борар экан, улар ўзларининг яшаш жойларида гигиеник ниқоблар тикиш билан банддирлар. Албатта, зарур талабларга риоя қилган ҳолда.

Қолган ташкилотлар бўлса фаол равишда янги шароитга мослашиш имконини қидирмоқда. Чунки яқин келажакда фақат янги тартибда фаолият олиб боришга мослаша олган ташкилотлар ва мамлакатлар ҳақиқий муваффақиятга эриша олиши яққол намоён бўлмоқда. Бу эса ўз навбатида масофадан туриб фаолият олиб боришни, контактсиз тўловларни ва доимий инновацион ечимларни назарда тутади.

Масофадан туриб ишлаш тартиби

Ҳозирги кунгача қонунчилигимизда масофадан туриб ишлашнинг қоидалари белгиланмаган эди.

Зарур ҳуқуқий шароитларни яратиш мақсадида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Карантинга оид чораларни амал қилиш даврида ходимларни масофавий иш усулида, мослашувчан иш графигида ёки уйда ишлашга ўтказишнинг вақтинчалик тартиби тўғрисидаги низом ишлаб чиқди. Юқоридаги идоравий ҳужжат Aдлия вазирлиги томонидан 2020 йил 28 март куни рўйхатдан ўтказилди ва эълон қилинди.

Низом қуйидаги учта меҳнат шаклини тартибга солади:

– масофавий иш усули – ходим томонидан ўз вазифаларини доимий иш жойидан ташқарида бажарилиши. Кўпинча масофада туриб меҳнат фаолияти олиб бориш тартибига ақлий меҳнат вакиллари ўтказилади;

– уйда ишлаш – ишчининг ишлаб чиқариш фаолиятини бевосита унинг яшаш жойига кўчириш. Бу тартибни ҳуқуқий асослари аввалроқ яратилган касаначиликнинг кўриниши деб атасак ҳам бўлади;

– мослашувчан иш графиги бўйича меҳнат қилиш – кундалик иш бошланиш ва якунланиш вақтини ҳисобга олган ҳолда ходимнинг иш вақти ўзгариши ёки уни нотўлиқ иш вақтига ўтказиш. Бундан мақсад ишчиларни иш жойида тўпланишини олдини олиш.

Масофавий иш усули ва уйда ишлашни қисқа қилиб масофадан туриб ишлаш деб аташимиз мумкин. Иш берувчилар биринчи ўринда ҳомиладор аёллар, қариялар, ногиронлар ва сурункали касалликларга чалинган шахсларни масофадан туриб ишлашга ёки мослашувчан иш графигига ўтказишлари керак. Лекин шуни таъкидлаб ўтиш керакки, ҳар қандай ҳолатда ҳам бу тартибга ўтказиш учун ишчи иш берувчи номига ёзма ёки электрон равишда ариза бериб, ўз розилигини ифода этиши талаб қилинади.

Аввало, ишчининг масофадан туриб ишлашга ёки мослашувчан иш графигига ўтказилганлиги тўғрисида буйруқ чиқарилади. Унда ходимнинг янги тартибда меҳнат қилиш даври кўрсатиб ўтилади.

Керакли ўзгартиришлар меҳнат шартномасига ҳам киритилади. Мисол учун, масофавий иш усулига ўтказилаётганда ходим ва иш берувчи ўртасида ўзаро электрон ҳужжатлар алмашиниш шартлари, ходимга топширилган ускуналар, дастурий-техникавий воситалар, маълумотларни ҳимоя қилиш воситаларидан фойдаланиш тартиби ҳамда ходимнинг уларни сақлашга бўлган жавобгарлик чоралари кўриб чиқилади.

Aгар ходим уй шароитида ишлашга ўтказилса, меҳнат шартномасида ходим уйда бажариши лозим бўлган иш турлари, уни керакли ускуна, материал ва механизмлар билан таъминлаш шартлари, зарурий меҳнат муҳофазаси ва шароитларига амал қилиш бўйича мажбуриятлар кўрсатиб ўтилади.

Иш вақти томонларнинг ўзаро келишуви асосида белгиланади. Келишувда шунингдек, ходим томонидан меҳнат мажбуриятларини бажарилиши тартиби ва бошқарув шакллари ҳам кўриб чиқилиши мумкин.

Ҳар қайси ҳолатда ҳам масофадаги иш ходимининг меҳнат фаолияти бажарилишига боғлиқ ҳаражатлари қопланади. Жумладан, электр энергияси, сув, алоқа, ускуналарга ҳизмат кўрсатиш ва таъмирлаш, ходимнинг ускуналари амортизацияси ва ҳ.к.

Aгар ходим аввалги ҳажмда фаолият юритишни давом этса, масофадан ишлашга кўчириш унинг ойлик маошини камайтиришга асос бўла олмайди. Ходимларнинг таътиллар жадвалига мувофиқ меҳнат таътили, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик бўйича нафақа олиш ҳамда қонун ҳужжатларида ва жамоа шартномасида назарда тутилган бошқа ҳуқуқлари сақлаб қолинади.

Юқорида санаб ўтилган меҳнатни ташкиллаштиришнинг учала шакллари (масофавий иш усули, мослашувчан иш графиги бўйича меҳнат қилиш, уйда ишлаш) карантин даврида иложи борича кўпроқ инсонларни хавфсиз шароитда бандлигини таъминлаш учун зарур бўлган чоралар ҳисобланади.

Масовафий ишнинг тежамкорлиги ва этикаси

Тахминий ҳисобларга кўра яқин давргача инсониятнинг 30 фоизи ўз иш кунини уйдан бошлашга ўрганган экан. Коронавирус эса ушбу кўрсаткичнинг кескин ўсишига сабаб бўлди.

Масофадан туриб ишлашнинг ижобий тарафлари албатта, етарличадир. Иш берувчи меҳнат фаолиятини идорада ташкил этиш учун зарур бўлган ҳаражатларни тежайди. Ходим йўл кира ёки уйдан ташқарида овқатланиш учун зарур пул ва вақтни йўқотмайди. У шахсий ҳаётга ҳам кўпроқ вақт ажратади.

Шунга қарамасдан, иш жойидан ташқарида меҳнат фаолияти юритиш самарадорлиги кўплаб шартларни бажаришга боғлиқ.

Ходимлар билан алоқага чиқиш йўлларини ўрнатиш – иш билан таъминловчи олдида турган биринчи вазифа ҳисобланади. Ишлаб чиқаришга тегишли бўлмаган соҳада бу нарса вазифаларни етказиб бериш ва натижаларни қабул қилиб олиш, бошқарув, биргаликда лойиҳаларни муҳокама қилиш ҳамда уларни тўғирлаш ва бошқа кўплаб ҳолатларда бу зарурдир.  

Сифатли интернетдан ташқари, масофада ишлаш учун керак бўлган асбоб-ускуналарга қуйидагилар киради:

– сифатли эшитиш воситаларига эга бўлган ноутбук (микрофон ва наушниклар билан);

– махсус дастурлар (электрон ҳужжатлар алмашинуви, органайзер ва ҳоказо);

– гуруҳ чатлари ва суҳбатлашиш учун видеоконференц алоқа.

Aмалиётдан келиб чиқиб шуни таъкидлаш мумкинки, масофавий ишлашга ўтган, лекин ходимларининг меҳнатини тўғри йўлга қўя олмаган ташкилотларнинг самарадорлиги тушиб кетади. Шунинг учун, раҳбар вазифаларни ўз вақтида тақсимлашни ва уларни бажарилиши устидан назоратни ўрната билиши жуда муҳимдир.

Бошқа тарафдан эса масофавий ишлаётган ходим “иш жойи” тушунчасини қайтадан англаб етиши керак. Янги шароитда иш жойи сифатида хонадон ёки жамоат жойлари тушунилади. Бироқ, ҳамма ҳам бирданига уй ва қаҳвахона ёки бошқа жамоат жойини идора сифатида қабул қила олмайди. Ходим идорадан ташқарида ҳам ўз диққатни жамлашни ва ишхона муҳитини ярата олишни ўрганиши лозим. Шу билан бирга ўзини-ўзи бошқариш маҳорати ҳам жуда муҳимдир, негаки атрофда одатдагидек меҳнат интизомини назорат қилувчи раҳбар ёки кадрлар бўйича мутахассис бўлмайди.

Жамоавий ҳолда муаммолар ечимини топиш учун барча масофадан туриб ишловчи ходимлар идорада қолган ходимлар билан бир пайтда онлайн равишда ҳозир бўлиши керак. Бунинг учун барча ходимлар иш берувчи тузиб чиққан меҳнат графиги бўйича ишлаши зарур.

Одатда ишхонада доимо аҳлоқ-одоб қоидаларига амал қилинади. Бунга кийинишга қўйилган талаблар, ҳамкасблар билан муомала қилиш ва мижозлар билан алоқага киришиш қоидалари киради. Масофада ишлашнинг эса ўзига хос жиҳатларга эга одоб-аҳлоқ қоидалари мавжуд. Одатда бу қўлланиладиган алоқа услубига боғлиқ бўлади.

Aгар иш жараёни электрон почтага асосланган бўлса, иш ёзишмалари қоидаларига амал қилиш зарур. Aвваламбор саломлашиш, мурожаат матнини тўғри келтириш, сўнгра амал ва мурожаат учун маълумотларни қолдириб хайрлашиш керак. Барча қисқартмалар ва истиснолар ҳақида алоҳида келишиб олиш даркор. Тўғри белгиланган мавзу хатнинг мазмуни тўғрисида дарҳол тушунчага эга бўлишга ёрдам беради. Хатдаги барча саволларга жавоб бериш керак. Муҳими, ўз вақтида ёки иложи борича тезроқ жавоб қайтарган маъқул, чунки кутиш ҳеч кимга ёқмайди.

Мессенжер ва чатлардан фойдаланилганда эса норасмий ва дўстона муносабатлардан фарқланувчи мулоқот қилиш маданиятини қўллаш керак. Жамоавий мулоқотда қисқартмалар ва жаргон (ИМҲО, ОМГ в ҳ.к.), “смайлик”лар ва стикерлардан фойдаланиш ўринли эканлигига амин бўлиш зарур. Кўнгилочар материалларни иш вақтида юборишдан узоқ бўлиш керак.

Кенг кўламли интернетнинг тарқалиши видеоконференция, видеоқўнғироқлар ва видеочатларнинг жадал ўзлаштирилишига ҳисса қўшмоқда. Меҳнат муносабатлари ҳам бундан мустасно эмас. Иш фаолиятига боғлиқ масалалар бўйича видеоалоқага чиқишдан олдин ташқи кўринишга эътибор қаратиш муҳимдир. Бу ён-атрофга ҳам тегишлидир, яъни суҳбатдошга кўринадиган масофадаги ходимнинг уйи ёки унинг ортидаги бошқа жойлар иложи борича расмий ҳолатга яқин бўлиши ҳамда ишдан чалғитмаслиги лозим.

Қолган ҳолатларда масофадаги иш оддий идоравий ишда амал қилинадиган қоидаларга бўйсунишни талаб қилади.

Келажакда вазият қандай бўлади?

Кўпчиликнинг фикрига кўра, яқин келажакда масофадан туриб ишлаш борган сари кенгроқ қўлланилишни бошлайди. Шунинг учун қуйидаги масалаларга эътибор қаратиш мақсадга мувофиқдир.

Aйни дамда Меҳнат кодекси масофали иш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солмайди. Шу боис, меҳнат муносабатларини тартибга солувчи асосий қонунни қуйидагиларни белгилаб берувчи нормалар билан тўлдириш керак:

– масофадан туриб ишлаш тушунчаси ва уни қўллаш соҳалари;

– масофадан туриб меҳнат қилувчи ходимлар билан меҳнат шартномалари тузиш ва бекор қилиш тартиби;

– масофадаги ходимларнинг меҳнатини ташкил қилиш ва уни муҳофазасини таъминлаш, ишлаш ва дам олиш режими қоидалари.

Шунингдек, масофадан туриб ишлаш шаклларидан амалда тўғри фойдаланиш мақсадида иш берувчилар ва ходимлар ўртасида катта ташкилий ва тушунтириш ишларини ўтказиш лозим.

Aгар ҳозирдан иш берувчиларнинг ўз ходимлари бандлигини доимий равишда масофадан туриб таъминлашга ўтказишга эришилса, биз нафақат коронавируснинг салбий оқибатларини бартараф этамиз, балки постиндустриал келажакка ҳам анча яқинлашамиз.

← Орқага