Замонавий шиппак ўғрилар ёхуд патент троллари билан қандай курашдик?

21.01.2020

Болалигимда бувим тўқ қизил рангли, гулли нақши бор шиппак кияр эди. Бундай шиппакларни халқ тилида “ирина” деб аташарди. Бувимнинг гапларига қараганда, “ирина” шиппаклари қулай ва чиройли бўлгани учун узоқ Молдовадан олиб келинар экан. Яна бу шиппаклар тагига негадир биттадан михча қоқилган бўларди.

Бир куни бувимдан михча қоқиб қўйганларининг сабабини сўрадим. Бувим тушунтирдиларки, катта йиғинлардан чиқаётиб михчалар орқали ўхшаш шиппаклар орасидан ўзларининг оёқ кийимларини осон топар эканлар. “Бундан ташқари, белгиси бор шиппакни ҳамма ҳам олиб кета олмайди. Дунёда ҳар хил одам бор-ку”, деб қўшимча қилиб қўйгандилар бувим.

***

БИРИНЧИ ЭМАС, АММО СЎНГГИ ҚУРБОН

Болалик йилларимдаги ушбу воқеа Фарғона вилоятининг оёқ кийим ишлаб чиқарадиган йирик корхоналаридан бири адвокатлик фирмамизга мурожаат қилганида ёдимга тушди. Компания директори бошқа оёқ кийим турлари қаторида бугунги кунгача аёллар ўртасида машҳур “ирина” шиппакларини ҳам чиқаришини маълум қилди. Лекин унинг бизнеси олдида катта хавф пайдо бўлганлигини, чунки пойтахтнинг қайсидир фирмаси мазкур оёқ кийим турини ишлаб чиқаришни тўхтатилишини ва асбоб-ускуналарни йўқ қилинишини талаб қилиб судга мурожаат қилганлигини айтиб ўтди. Даъвогар ҳаттоки кўрган зарари ва бой берган даромади ҳисоб-китобини ҳам тақдим этибди. Кейинчалик билсак шунга ўхшаш даъво аризалари бир нечта бошқа ишлаб чиқарувчиларга қарши ҳам киритилган экан.

Иш материаллари билан танишиб шунга амин бўлдикки, “ирина” тапочкаларига ҳуқуқлар ҳақиқатдан ҳам даъвогар номига расмийлаштирилган экан. Классикага айланиб улгурган Молдова шиппаклари билан бир ҳил бўлган оёқ кийимнинг саноат намунасига патентни 2011 йилда ёпилиб кетган Патент идораси тақдим этган экан.

Биз ўйланиб қолдик. Қандай қилиб 40 йиллик тарихга эга бўлган ва шунча йилдан буён халқ таниган Молдова шиппакларини Тошкентдаги фирма “ихтиро қилиб”, унинг ҳуқуқларига эга бўлиши мумкин? Бундан ташқари, ҳар қандай ихтиро фақат маълум муддат ҳимояланади, акс ҳолда тараққиёт Ўрта асрларда тўхтаб қолар эди. Бошқа тарафдан эса бизни ўйлантираётган нарса шу эдики, балки бизга номаълум бирор юридик айёрлик сабабли даъвогарнинг талаблари қонунийдир?

Ҳақиқатни топиш учун биз Молдованинг Бендери шаҳридаги “Флоаре” очик турдаги акциядорлик жамияти билан боғландик. Компания бизга шуни маълум қилдики, биринчи бўлиб айнан уларнинг конвейерларидан 1980-чи йилларда “ирина” шиппаклари тушишни бошлаган. Қачонлардир жамият шиппакларга патент расмийлаштирган, лекин унинг амал қилиш муддатлари ўтиб кетган экан.

Бундан ҳам қизиқроғи шу эдики, шиппакларга ҳуқуқи борлигини важ қилаётган айни ташкилот “Флоаре” товар белгисини Ўзбекистонда ўзлаштириб олган экан. Кўп йиллар давомида ушбу фирма Молдовадан “ирина”ларни Ўзбекистонга олиб келиб, бизга сотиб келган экан. Молдова ишлаб чиқарувчисининг раҳбарияти ачиниб, ўзининг товар белгисига бўлган ҳуқуқларни кўп йиллардан буён мамлакатимизда расмийлаштира олмаётганлигини таъкидлади. Демак, бизнинг ишонч билдирувчимиз нохолис фирманинг биринчи эмас, навбатдаги қурбони экан.

ТРОЛЛ АСЛ БАШАРАСИНИ КЎРСАТГАНДА...

Шунда биз патент тролли билан тўқнашганимиз аён бўлди. Бундай деб турли йўллар билан патентларни қўлга киритиб, ишлаб чиқарувчилар билан улардан пул олиш мақсадида судлашадиганларни аташади. Патент троллинги асосан ривожланган мамлакатларда кенг тарқалган ва даромадли соҳаларда учрайди. Бундай соҳалар қаторига ахборот технологиялари, истеъмол товарларини ишлаб чиқариш, фармацевтика, қурилиш киради. Баъзида талаблар ҳеч қандай мантиққа тўғри келмаслиги мумкин. Масалан, АҚШда корпорациялар томонидан оммавий электрон хатлар юборилишига қарши даъво аризаси киритилган эди. Россияда қайсидир “ихтирочи” шишали бутилкани “ихтиро қилиб”, пиво ва ароқ ишлаб чиқарувчиларни судга берган эди. Бир неча йил олдин эса Ўзбекистонда ўйинчоқ конструктор ғиштларини ишлаб чиқишга мутлақ ҳуқуқлар тўғрисида низо кўриб чиқилган эди.

Хорижий мамлакатларда бундай низолар бўйича тортишувлар бир ярим-икки йиллаб давом этади ва катта ҳаражатларни талаб қилади. Айрим ҳолларда жавобгар маҳсулотининг йирик партиялари олиб қўйилади ёки унинг ускуналари йўқ қилинади. Барча тарафларини ҳисобга олиб, жавобгарлар муроса йўлини танлайди ва “патент эгаси”га муайян пул миқдорини тўлашга рози бўлади. АҚШнинг ўзида патент троллинги бизнесга ҳар йили 80 миллиард долларга яқин иқтисодий зарар келтиради.

Лекин троллни боқиш ниятимиз йўқ эди. Вазиятни “Флоаре” МЧЖ билан муҳокама қилиб, биргаликда ҳаракат қилишга келишдик. Чунки нопок компания нафақат Ўзбекистон ишлаб чиқарувчиларининг ҳаётини қийинлаштираётган эди, балки хорижий фирмани мамлакатимизга киришига тўсқинлик қилаётган эди.

Танлаган стратегиямиз натижа беришни бошлади. Биз тақдим этган далиллар устида ўйлаб, суд даъво талабларини рад этди. Суд ўз қарорини “ирина” шиппаклари оммалашиб кетган маҳсулотга айланганлиги ва ҳозирда уларни ҳар қайси тадбиркор ишлаб чиқариши мумкинлиги билан асослантирди.

Бироқ хурсандчилигимиз узоққа чўзилмади. Даъвогар апелляция шикоятини берди. Талаблардан воз кечиб, муросага келиш зарурлиги ҳақидаги илтимосларимизга жавобан “қўлимда ҳужжатларим бор” деди. У вазиятдан фойда билан чиқмагунича бизни тинч қўймаслигини ва идорама-идора узоқ вақт юришга тайёр эканлигини бизга намойиш қилди.

ҚАРШИ ҲУЖУМ ВА ҒАЛАБА НАШИДАСИ

Троллга қарши унинг қуролини ишга солиш зарурлигини тушундик. Бунда Фарғона корхонаси номидан Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлигига ва маъмурий судга мурожаат қилдик. Биз патентни ҳақиқий эмас деб тан олинишини сўрадик, чунки ҳимоя остида турган шиппаклар на янги, на ўзига хос эди.

Кейинги қадамимиз Молдова компанияси номидан Монополияга қарши курашиш кўмитасига шикоят ёзиш бўлди. Унда “Флоаре” товар белгиси ўзлаштирилишини инсофсиз рақобат деб тан олишни сўрадик. Бундай мазмундаги қарорни қўлга киритиб, товар белгисига олинган гувоҳномани Интеллектуал мулк агентлигида бекор қилишимиз мумкин бўларди.

Юқоридаги шикоятларни келтириб иқтисодий судларда иш кўрилишини тўхтатиб туришга эришдик. Бу орада эса биз кейинги ҳаракатларимиз орқали инсофсиз тадбиркорга берилган саноат намунасига патентни ва товар белгисига гувоҳномани бекор қилишга қаратдик.

Таъкидлаш жоизки, Интеллектуал мулк агентлиги ҳам, Монополияга қарши курашиш кўмитаси ҳам қонунга итоаткор ишлаб чиқарувчилар олдидаги муаммога ўта жиддий ёндашди.

Патентга нисбатан чиқарилган холис қарори билан Интеллектуал мулк агентлиги кўплаб корхоналарнинг ҳаётини оғирлаштириб келган тўсқинликни бартараф этди. Монополияга қарши курашиш қўмитасининг қатъийлиги эса “Флоаре” ОАЖга ўзининг товар белгисига нисбатан ҳуқуқларни Ўзбекистонда монеликсиз рўйхатдан ўтказиш имкониятини берди.

Ушбу қарорларнинг чиқарилиши Интеллектуал мулк агентлиги ва Монополияга қарши курашиш қўмитасини 2019 йилда тубдан ислоҳ қилиниши ўз натижаларини бераётганлигидан далолат беради. Икки идора ҳам қандайдир расмий манфаатларни четга суриб қўйиб, ҳалол бизнеснинг ҳуқуқлари бузилишига ишончли ҳимоячи ролини ўйнади. Буни тан олиш адолатдан бўлади.

Иқтисодий суд апелляция инстанциясининг тўхтами ҳам кутилганидек бўлди – биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори кучда қолдирилди, яъни троллнинг талаблари асоссиз деб тан олинди.

Жараённинг охирида иқтисодий судга биз мурожаат қилдик ҳамда асоссиз даъволарнинг киритилиши оқибатида бизга етказилган зарарнинг қопланишини сўрадик. Бундан ташқари, Молдова корхонаси номидан “Флоаре” товар белгисига нисбатан ҳуқуқларни рўйхатдан ўтказиш чораларини кўрдик.

АМАЛИЙ ХУЛОСАЛАРИМИЗ ҚАНДАЙ БЎЛДИ?

Патент троллингини ижтимоий ҳодиса сифатида таҳлил қилиб, мутахассислар бир хулосага келишмоқда – у товарлар ва хизматларнинг қимматлашишига ёки уларнинг сифати тушиб кетишига сабаб бўлади. Шунинг учун халқаро амалиётда бундай шаклдаги текинхўрликка қарши курашишнинг услублари доимий равишда такомиллаштирилади.

Бизнинг қонунчилигимиз ва ҳуқуқни қўллаш амалиётимиз глобал ривожланишда орқада қолиши керак эмас. Шунинг учун патент троллинги билан курашиш механизмларини такомиллаштиришга оид бир нечта таклифларни билдиришни мақсадга мувофиқ деб билдик.

Ҳозирги кунда Иқтисодий процессуал кодексида инсофсизлик билан суд ва маъмурий тортишувларга жалб қилганлик оқибатида етказилган моддий зарарни айбдор тарафдан ундириш мумкинлиги тўғридан тўғри кўрсатилмаган. Европа Иттифоқи мамлакатларида эса қонунчиликка бундай қоида киритилган ва бу орқали патент троллингига деярли барҳам берилган.

Шундан келиб чиқиб, мазкур процессуал қонунга Фуқаролик процессуал кодексининг 136 (Вакилнинг ёрдами учун ҳақ тўлашга доир ҳаражатларнинг ўрнини қоплаш) ва 137-моддаларида (Йўқотилган вақт учун ҳақ ундириш) назарда тутилган қоидаларга ўхшаш нормаларни киритиш зарур. Бундай қоидаларнинг мустаҳкамланиши турли иғвогарларни чегарадан чиқишига йўл қўймас эди.

Асоссиз патент даъволарининг киритилиши ҳолатларини ёритиб бориш ҳам муҳим аҳамият касб этади. Ахир троллар патент муносабатларининг мураккаблиги ва шаффоф эмаслиги орқали кун кўради. Интеллектуал мулк соҳасидаги низоларнинг суд амалиёти умумлаштиришларининг мунтазам тайёрланиши мутахассисларга ёрдам бўлар эди. Адлия вазирлиги ҳузуридаги Апелляция кенгашининг қарорларини чоп этиш тартиби ва муддатларига риоя қилинишига ҳам эътибор бериш мақсадга мувофиқ эди.

Яна бир долзарб масала – бу талабномаларни киритиш ва кўриб чиқиш ҳамда патентларни бериш жараёнларининг сифатини ошириш заруратидир. Ушбу мақсадда патентларни рўйхатга олиш учун талабномаларни киритишга патент вакилларининг “монополия”сини жорий қилиш фойдали бўлар эди. Лекин бундай қилинган тақдирда патент вакилларининг улар томонидан патентга яроқсиз объектларга талабномалар киритилиши учун уларнинг интизомий, фуқаролик-ҳуқуқий ва бошқа жавобгарлигини қатъий белгилаб қўйиш ҳам зарур.

Адвокат сифатида эса биз ўзимиз учун патент троллари билан курашиш борасида қуйидаги фойдали хулосалар қилдик:

– душманни унинг ўзини қуроли билан уриш керак: қарши даъво аризалар киритиш, инсофсиз ҳаракатлари устидан шикоятлар бериш, берилган ҳимоя ҳужжатларини бекор қилдириш лозим;

– унинг ҳуқуқлари бузилганлигини исботлаб берилишини, даъвонинг асосланитирилиши ва ҳоказоларни талаб этиш орқали троллнинг режасини амалга ошириб бўлмайдиган, ўта чиқимли тадбирга айлантириш талаб этилади;

– бошқа манфаатдор шахслар билан бирлашиб, чиқимлар ва процессуал вазифаларни тақсимлаш зарур.

Айнан шу йўл билан қонун ва аҳлоқ қоидаларига зид равишда пул топмоқчи бўлган шахсларга қарши курашиш мақсадга мувофиқ.

***

Болалигимдаги ҳикояга қайтиб, Интеллектуал мулк агентлиги ва Монополияга қарши курашиш қўмитасининг қарорлари шиппаклардаги михчалар вазифасини бажаришини, яъни инсофли шахсларнинг мулкини тажовузларидан ҳимоя қилишини хоҳлар эдим. Ахир замонавий шиппак ўғрилари оддий майда ўғрилардан анча хавфли эканлигини кўрдик.


ЗАФАР ТЎХТАШОВ,
адвокат, “ESTE” адвокатлик 
фирмасининг бошқарувчи шериги

← Орқага